РЕСПУБЛИКАНСКИЙ СОЦИАЛЬНО - ИНФОРМАЦИОННЫЙ ЦЕНТР "ISTIQBOLLI AVLOD"
30.07.2018
30 июль — Халқаро одам савдосига қарши курашиш куни

30 июль — Халқаро одам савдосига қарши курашиш куни:

ЭРКИНЛИГИНГИЗ ЧЕКЛАНИШГА ЙЎЛ ҚЎЙМАНГ

Ўз ҳуқуқларимизни яхши билмаслик баъзан алданиб қолишимизга, энг ёмони, айрим уддабуронларнинг тузоғига тушиш, яъни «одам савдоси» жинояти қурбони бўлишимизга олиб келиши мумкин.

Бу иллатга қарши курашиш бўйича юртимизда изчил ишлар амалга оширилаётганига қарамай, у ҳамон учраб тургани шундан далолат беради. Республика «Istiqbolli Avlod» ижтимоий-ахборот марказининг «Долзарб алоқа тармоғи»га жорий йилнинг дастлабки олти ойи давомида турли вазиятларга тушган одамлардан мингдан ортиқ мурожаат тушган бўлса, шундан 40 мурожаатда юздан ортиқ одамни турли хорижий давлатлардан қулликдан қутқариб, юртга қайтариш билан боғлиқ бўлган. Ҳозиргача 80 фуқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ортга қайтарилди.

Шундайлардан бири бўлган Сожиданинг бошидан кечирганларига назар ташлсак. У орзуларига ҳалол меҳнат қилиб, узоқ вақтда эришиши мумкинлигини ўйлаб хавфсаласи пир бўлар, наҳотки бунинг осон йўли бўлмаса, деб бош қотирарди. Шундай кунларнинг бирида у  Мадина исмли аёл билан танишиб қолди. Қизнинг истакларидан хабар топган аёл унга бу масалада ёрдам беришини айтади.

«Таиландга бориб озгина ишласангиз, ҳамма нарсангиз бўлади. У ерда жуда яхши маош тўлашади»

Аёлнинг гапларини эшитиб, қиз даррров ўзини ўша «сеҳрли ўлка»да тасаввур қилиб, суюниб кетди. Энагалик менга чўт эмас, дея дарров рози бўлди.

Ҳаво лайнерида учаркан, Сожида ўзини орзулари сари парвоз қилаётган бахтли қиз, деб ҳис этди. Лекин манзилга етгач ширин орзулар бирдан саробга айланишини у ҳали билмасди. Дунёда бировларнинг соддалиги, орзуларидан фойдаланиб қолишни, ана шундайларни бадном қилиб, қуликка гирифтор қилиб бўлса-да пул ишлаш пайида юрадиган, нафс йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган кимсалар борлигини у ўйлаб ҳам кўрмаганди.

Бангкок аэропортида Сожидани кутиб олишлари билан бу ерга етиб келгунча биздан 8 минг доллар қарз бўлдинг, дейишди. У аввалига ҳеч нарсага тушунмади. Бироқ унга қилиши шарт бўлган «иш»ни айтишганида, алдангани, қулликка маҳкум бўлганини англади. Бироқ энди ўзини тўрт деворга урса ҳам фойдаси йўқ, тутқинликда, айтилган тубан ишларни қилишга мажбур эди.

Азобли кунларида у бот-бот ўзи дуч келган ҳолат акс этган фильмларни кўргани, одам савдоси ҳақидаги ҳар хил гап-сўзларни эшитганини ёдга олар, нега шу гапларнинг моҳиятини чуқур ўйлаб кўрмагани учун ўзини койирди.

Дарҳақиқат, жамиятимизда одам савдосидан огоҳ этишга оид кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Лекин бу офат домига илинаётган ёшларимиз ҳамон учраб турибди.

Сожиданинг дилдан пушаймон бўлиб қилган тазарруси, илтижоси беиз кетмади. У бахтли тасодиф туфайли тутқинликдан қочишга муяссар бўлди. Мамлакатимизнинг Таиланддаги элчихонаси кўмаги билан у юртимизга қайтиб келди.

Ҳаётда йўлини йўқотиб, руҳий изтироблар исканжасида қолган Сожидани  Республика «Истиқболли авлод» ижтимоий-ахборот марказининг мутахассислари кутиб олди. Қалби вайрон бўлган, ҳеч нарсага ишончи қолмаган, ҳатто яшаш истаги сўниб бораётган бу қизга руҳий, маънавий, моддий ёрдам зарур эди.

Марказ Сожиданинг ҳужжатларини, соғлигини тиклашга амалий ёрдам кўрсатди. Республика Ижтимоий мослашув марказига келиб етук мутахассислардан, психологлардан ёрдам олишига имконият яратиб берилди. Аста-секин ўзини тиклаб олган қизга кейинчалик сартарошлик касбини эгаллашга кўмаклашилди. Ҳозир у шу севимли касбида ҳалол меҳнат қилмоқда.

Республика “Istiqbolli Avlod” ижтимоий-ахборот маркази (+99895) 143-94-94 рақамли “ишонч телефони” орқали юкоридаги каби адашган аёлларга кўмак бериб келмоқда. Турли мажбурий меҳнатга жалб этилган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатилиб, уларни ўз уйларига қайтарилишида кўмаклашилади.

Шунингдек, марказда одам савдосидан жарланган хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топиши, яъни касб-ҳунар эгаллаб, ўз иш жойига эга бўлишига амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Муаттар Рўзибоева