Chat with us, we are online!
Send us a message

НАФС БАНДАЛАРИНИНГ ҚУРБОНИ БЎЛМАНГ!

Муқаддас китобларда нафс йўриғига юриш залолатга элтувчи фитна экани айтилади. Лекин ҳаётда шундай инсонлар учрайдики, улар нафс йўлида ҳеч нарсадан, ўзгалар ҳаётини топташдан ҳам тоймайди.

...Сожида улғайгани сари унда чиройли кийиниш, яхши яшашга бўлган иштиёқ кучайиб борди. У орзуларига ҳалол меҳнат қилиб, узоқ вақтда эришиши мумкинлигини ўйлаб хавфсаласи пир бўлар, наҳотки бунинг осон йўли бўлмаса, деб бош қотирарди.

Шундай кунларнинг бирида у бир Мадина исмли аёл билан танишиб қолди. Қизнинг истакларидан хабар топган аёл унга бу масалада ёрдам беришини айтади.

«Таиландга бориб озгина ишласангиз, ҳамма нарсангиз бўлади. У ерда жуда яхши маош тўлашади»

Аёлнинг гапларини эшитиб, қиз даррров ўзини ўша «сеҳрли ўлка»да тасаввур қилиб, суюниб кетди. Энагалик менга чўт эмас, дея дарров рози бўлди.

Ҳаво лайнерида учаркан, Сожида ўзини орзулари сари парвоз қилаётган бахтли қиз деб ҳис этди. Лекин манзилга етгач ширин орзулар бирдан саробга айланишини у ҳали билмасди. Дунёда бировларнинг соддалиги, орзуларидан фойдаланиб қолишни, ана шундайларни бадном қилиб, қуликка гирифтор қилиб бўлса-да пул ишлаш пайида юрадиган, нафс йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган кимсалар борлигини у ўйлаб ҳам кўрмаганди.

Бангкок аэропортида Сожидани кутиб олишлари билан бу ерга етиб келгунча биздан 8 минг доллар қарз бўлдинг, дейишди. У аввалига ҳеч нарсага тушунмади. Бироқ унга қилиши шарт бўлган «иш»ни айтишганида, алдангани, қулликка маҳкум бўлганини англади. Бироқ энди ўзини тўрт деворга урса ҳам фойдаси йўқ, тутқинликда, айтилган тубан ишларни қилишга мажбур эди.

Азобли кунларида у бот-бот ўзи дуч келган ҳолат акс этган фильмларни кўргани, одам савдоси ҳақидаги ҳар хил гап-сўзларни эшитганини ёдга олар, нега шу гапларнинг моҳиятини чуқур ўйлаб кўрмагани учун ўзини койирди.

Дарҳақиқат, жамиятимизда одам савдосидан огоҳ этишга оид кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Лекин шу кунларда ҳам бу офат домига илинаётган ёшларимиз ҳамон учраб турибди.

Сожиданинг дилдан пушаймон бўлиб қилган тазарруси, илтижоси беиз кетмади. У бахтли тасодиф туфайли тутқинликдан қочишга муяссар бўлди. Мамлакатимизнинг Таиланддаги элчихонаси кўмаги билан у юртимизга қайтиб келди.

Ҳаётда йўлини йўқотиб, руҳий изтироблар исканжасида қолган Сожидани 2017 йилнинг феварль ойида Тошкент шаҳар «Истиқболли авлод» ижтимоий-ахборот марказининг Жиззах вилоятидаги «Истиқлол авлоди» маркази мутахассислари кутиб олди. Қалби вайрон бўлган, ҳеч нарсага ишончи қолмаган, ҳатто яшаш истаги сўниб бораётган бу қизга руҳий, маънавий, моддий ёрдам зарур эди.

Марказ Сожиданинг ҳужжатларини, соғлигини тиклашга амалий ёрдам кўрсатди. Республика Ижтимоий мослашув марказига келиб етук мутахассислардан, психологлардан ёрдам олишига имконият яратиб берилди. Аста-секин ўзини тиклаб олган қизга кейинчалик сартарошлик касбини эгаллашга кўмаклашилди. Ҳозир у шу севимли касбида ҳалол меҳнат қилмоқда.

Яна бир бир қаҳрамонимиз Нигоранинг ҳаёти ҳам Сожиданики каби бўлиши мумкин эди. Лекин у Туркияга олиб бораман, пулнинг тагида қоласан, деган ваъдаларга ишонишдан олдин маҳалла идорасига чиқиб бу ҳақда гапириб берди. Улар уни одам савдосидан огоҳ этиб, ишга олиб кетмоқчи бўлаётган аёлни текшириб кўриш керак, деган маслаҳатни беришди. Унга бу борада «Барқарор ҳаёт» нодавлат нотижорат ташкилотига мурожаат қилишни тавсия этишди. «Истиқболли авлод» ижтимоий-ахборот марказининг Сурхонадарё вилоятидаги мазкур ташкилоти Севинч исмли ўша аёл аслида одам савдоси жиноятини содир этиб, қидирувда юрган шахс эканини аниқлаб беришди. Нигоранинг омади бор эканки, қуллик исканжасидан омон қолди.

Тошкент шаҳар “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази (+99895) 143-94-94 рақамли “ишонч телефони” орқали юкоридаги каби адашган аёлларга кўмак бериб келмоқда. Жорий йилда мазкур марказ турли хорижий давлатларда одам савдоси қурбонига айланган 78 нафар хотин-қизнинг ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топиши, яъни касб-ҳунар эгаллаб, ўз иш жойига эга бўлишига амалий ёрдам кўрсатган.
        

 

Uzbek

Сўров

Сизга сайтимизнинг янги дизайни ёкдими ?
Супер
57%
Аъло
19%
Яхши
10%
Ёмон
5%
Жуда ёмон
10%
Умумий овозлар: 21